УСТОЗНИНГ ЎЛМАС НАСИҲАТЛАРИ

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов таваллудининг 92 йиллигига бағишланади!

Мен ҳам ёзувчи бўламан, – деган ойдин орзулар билан филология йўлини танладим. Бироқ қандай ёзувчи бўласан, ундан кўра ўша ёзилган жилд-жилд асарларни ўқиб юрсанг бўлмасмиди дейдиган одам йўқ. 2003 йил талаба бўлиб, азим Нукус шаҳрига келдик. Ўшанда Нукус шаҳрининг 70 йиллиги кенг нишонланиши арафасида эди. Биз биринчи курс талабалари ҳозирги Бердақ номли кинотеатр ёнида жойлашган Амфитеатр атрофидаги дов-дарахтларни оқлашга сафарбар қилиндик. Биласиз, филологияда ўттиз-ўттиз беш нафар талаба ўқиса (ўша пайтлари!) ошиб кетса, уч-тўрт нафари ўғил болалар бўларди. Ҳайдар, Анвар, Одилбек, Ҳамза ва мен амфитеатрнинг ёнига йиғилдик. Ўша пайтлари бир жойда турмас, у ёққа бу ёққа бориб, Нукуснинг марказидаги иншоотлар билан танишиш, айниқса, республика кутубхонасига аъзо бўлиш истаги жўш урарди. Тезроқ маълуму машҳур бўлиш эди ниятимиз.

Куз… Хазонларни супириб-сидирдик. Нукус шаҳрининг ташкил қилинганига 70 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган байрамни тамомладик. Шаҳар юбилейида Тўлепберген Қаипбергенов “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвон билан тақдирланди.

Орадан вақтлар ўтарди. Амфитеатр ўнг томонида “Киностудия” биноси жойлашган. Иккинчи қаватга қорақалпоқ филологияси йўналиши талабалардан шеърга, ижодга қизиқадиган дўстларимиз билан Уюшма эшигидан бош суқдик… Ҳузурида кимдир бор экан, биз беш-ўн дақиқа қабулхонада кутиб ўтирдик. Шунчаки қизиқиш эвазига ёзилган шеърлар дафтаримиз қўлимизда. Ичкари хонадан “Келинглер балаларим” деган овоз чиқди. Бизлар шоша-пиша ичкарига кирдик…

Ҳаммамиз билан умумий саломлашиб, “қани ўтиринглар”, – деди. Ҳар ким ўзи турган жойдаги стулга чўкди. Ҳаяжон ва қўрқув. Танқид қилса нима қиламиз, уришиб берса нима қиламиз, деган ўй- ҳар кимнинг ичида аланга оларди. Дона-дона қилиб, тушунтиришга тушди. Бу инсон – мен илк бор ёзувчи деган улуғ сиймони яқиндан, жонли кўриб, таниган одам – Тўлепберген Қайипбергенов эди!

Ўша куни икки соатча учрашув бўлди.

– Гап бундай болаларим (эркалаб болаларим дерди, биз бундан фахрланардик!), ҳали хом ва пишмаган мевасизлар. Сизлар бу йўлларни босиб ўтишларинг учун кўп қовун пишиғи бор. Бироқ мен сизларга ёзувчиликнинг сир-асрорини ўргата олмайман. Уни фақат тўғри йўл кўрсатиб, хато ва камчиликларни бартараф қилиш мумкин. Масалан, ўзим ҳам қусурдан холи масман. Таваккалчиман, қорақалпоқман, мақтанаман. Бу ўзимни семиртириб, кўнглимни кўтариши мумкин. Шунча мақтов ёнига озроқ танбеҳ ҳам керак. Буни эса билгичлар (мунаққидлар) айтади. Сизлар ҳам менинг танбеҳларимдан сира-сира хафа бўлманглар, ҳар ҳафтанинг учинчи куни (чоршанба!) ўқишдан чиқиб келаверинг. Шаҳару туманларда ижод қилаётган тенгдошларингиз билан танишиб, ижодий суҳбатлар қурасизлар. Ҳамма ёзувчилар, шоирлар адабий тўгаракларда қайнаб, пишган. Келишдикми, мен бир йиғилишга кетаман, сизлар анови хоналарни ҳам томоша қилинг, “Амударё”, “Устоз йўли” каби қатор журнал ва газеталар нашр қилинишига ишора қилиб йўл кўрсатди.

Бизлар ўша кундан кейин уюшмага серқатнов бўлиб қолдик. Аста-секин ёнимда бирга келган дўстларимиз камая бошлади. Яъни ижод қилиш машаққатини англаб етдими, ёзмай қўйди. Хуллас, уч-тўртта шоирликка, ёзувчиликка даъвогарлар сайланиб қолди. Манғитлик Ўлмасбек Хўжаев, Хўжайлилик Гулнора,  Ғафур каби талабалар билан турли хил тадбирларда бирга бўлардик. Бир мушоира кечасида Тошкентдан, “Ёшлар” радиоканалидан ҳозирги кундаги истеъдодли шоиралардан бири Зебо Мирзо ҳам келган эди. Баҳонаи сабаб радиога ҳам интервью бериб улгурдик. Радиода чиққанимни қишлоқда ер чопиб, картошка экаётган қўшнимиз эшитиб, ота онамга мақтаб-мақтаб гапириб берибди. Шу воқеага ҳам ўн етти йил бўлибди.

Тўлапберген Қаипбергенов билан университетда ташкил қилинган семинарлар, учршувларда кўп-кўп мулоқот қилардик. Филология фанлари докторлари, профессорлар Қурбанбай Жаримбетов, Қуанишбай Оразимбетов, Пердебай Нуржановлар, филология фанлари номзоди Файзулла Салаев тез-тез Тўлепберген устозимизни таклиф қиларди. Буюк шоирлар Навоий ва Бобур таваллуди, гоҳо ўзларининг юбилей саналари билан боғлиқ анжуманларда ҳаётий ва қизиқарли воқеалардан баҳраманд бўлардик.

Менинг адабиёт ва адабиётшунослик соҳасини маҳкам ушлашимда маълум маънода Тўлепберген Қаипбергеновнинг ўрни беқиёс. Чунки аввал мактаб, кейинчалик академик лицей ва олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш мобайнида асарлари, романлари, эсселари, суҳбатлари, “савол-жавоб” шаклидаги хилма-хил ижодларининг таъсири катта бўлган. Айниқса, “Аму тонги” (ҳозирда у “Қорақалпоқ тонги” номи билан нашр қилинмоқда) ҳафталик газетасида мунтазам равишда эълон “Қорақалпоқман –таваккалчиман” номли асаридаги савол-жавоблар, учрашувларда орттирган дўстлари, тажрибалари, ҳаётий хулосалари ўқувчини етти ёшдан етмиш ёшгача ўйлашга ундагани каби менининг шахс сифатида шаклланишимга ҳам катта таъсир этган.

Нафақат қорақалопоқ адабиёти тарихида, балки туркий халқлар адабиётида янгича жанр “роман-эссе”ни яратиши қардош ёзувчиларнинг эътиборига тушди. Чингиз Айтматовнинг берган муносиб баҳоси “Қорақлпоқнома” роман-эссеси бунинг ёрқин далилидир. Адиб асарни сюжетини бир макон ва замонда ёритмайди. Сюжет линиялари ретроспектив усулда бўлиб, воқеларни жонли, табиий ва шу лаҳзада кўз ўнгингизда содир бўлаётгандек таъсир қилади. Асарда болалик ва йигитлик, қарилик ва талабалик, ёшликнинг масрур ва мағрур лаҳзаларида инсон табиатидаги ўзгаришлар, ҳаётни таниш, одамларни билишлар ишонарли тасвирланган.

Бу ноёб фазилат ҳамма ёзувчида мавжуд эмас! Беназир устознинг роман-трилогияси, қиссалари, ҳикоя ва эсселари туркий халқлар адабиётининг ноёб дурдоналарига айланди. Бу ўз-ўзидан ёзувчига бениҳоя кенг имкониятлар яратиб бериши билан бир қаторда, эркин ижодий изланишларни ҳам туҳфа қилади.

Орадан йиллар ўтади, вақтлар ўтади. Тўлепберген Қаипбергенов яратган асарлар ўз аҳамиятини йўқотмайди. У Орол мавзусида бўладими, ҳазрати инсон ҳақидами, севги-муҳаббат, дўстлик, ота-она, Ватан ҳақидами қадри ошиб бораверишига шубҳа йўқ. Мен ана шундай устозим борлигидан фахрланаман. Унинг асарларини ёшлар доимо ўқиб боришлари учун даъват қилиш, ўзи яшаб турган Ватаннинг тарихини яхши билиши, керак бўлса, улардан хулосалар чиқариб яшаши ҳар бир шахсни комиллик сари етаклаши таъкидлайвераман.

Мана устознинг ўлмас ўгитларидан бир парча:

“Отамнинг насиҳатларидан: Ҳаётининг маъносизлиги учун ҳар кимнинг ўзи айбдор. Ҳаётдан нолинмай, айбни ўзингдан қидириш – донолик аломати.

Ҳаёт – алғов-далғовлардан, кучлилар билан ожизларнинг ҳаёт-мамот курашидан иборат. Ҳар бир одам учун, энг муҳими, ўзининг қай тарафда, кимлар билан биргалигини теран англай билишида.

Умринг суронларга қанча бой бўлса, шунча қизиқ. Умрни ғафлатда мудраб ўтказган одамнинг ўликдан фарқи кам”(“Қорақалпоқнома”дан).

Ҳа, шундай! Инсоннинг ўзини-ўзи тарбия қилиши, ўзини-ўзи англаб етишида маъно кўп. Буни тушуниш саодати  кимгадир кеч, кимларгадир эрта берилади. Ана шу олтин ўрталикни танлаш, уни вақтида тутиб қолишда адашмаслик ҳақиқий мўминнинг ишидир. Устоз Тўлепберген Қаипбергенов ана шундай ибратли ҳаёт йўли, ижод олами билан халқимиз маънавий савиясини бойитишда беминнат хизмат қилаверади, десам муболаға бўлмайди.

 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти.

bahigobetebetmelbetlunabitbahiscomsiber güvenlik