AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

ЧЕТ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШ – УСТУВОР ВАЗИФА

Жорий йилнинг 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари чет тилларини ўрганишни устувор вазифа сифатида белгилаб берди ва тизимдаги муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

Маълумки, Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида чет тили таълимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида асосан инглиз тилини ўқитишга катта эътибор қаратилди. Натижада рус тили ва бошқа тилларни ўқитиш иккинчи даражали масалага айланиб қолди. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда мактаб битирувчилари 4 та чет тилини билади. Шунинг учун ҳам Давлатимиз раҳбари ӯз маърузасида бундан буён битирувчилар камида икки чет тилини мукаммал билиши шарт дея таъкидлади. Шунингдек, ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда тил ўрганишни қўллаб-қувватлаш, ҳафтанинг бир кунини белгилаб, хорижий тилларни ўрганиш учун шароит яратиш зарур, , –деди Давлатимиз раҳбари.

Албатта, Юртбошимиз илгари сураётган ташаббуслар, амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар провардида илм-у маърифатли баркамол авлод билан юртимиз равнақи жаҳонга юз тутиб, ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлади. Таълим ва тарбия жараёнини тубдан ислоҳ қилиш бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида эътироф этилар экан, ҳар биримизнинг зиммамизга илм-у маърифатли келажак авлодни тарбиялашдек улкан масъулиятни юклайди.

Яна бир муҳим жиҳат. Йиғилишда Давлатимиз раҳбари бугунги кунда юртимиздаги 25 та олий таълим муассасасида ўқитиш чет тилида олиб борилаётганлиги, 2016 йилда улар атиги 7 та эди ва халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сони охирги 3 йилда 10 бараварга ошганлигини таъкидлади. Шунингдек, жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 350 нафар талабанинг нуфузли хорижий университетларда ўқиши учун стипендиялар ажратилди. Бу ўтган йилларга нисбатан 5 баравар кўпдир. Президент қайд этилган кўрсаткичларга қарамай, чет тилларини ўқитиш бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол қўйилган катта режаларга мутлақо муносиб эмаслигини қайд этди.

Чунки, мамлакатимизда чет тили таълимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар жараёнида асосан инглиз тилини ўқитишга катта эътибор қаратилмоқда. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлаётир. Айтиш жоизки, бугунги ёш авлодга, ӯқувчиларга  бир неча тилни ўрганишнинг фойдалари тўғрисида тарғибот олиб бориш лозим. Тил билиш дунё билишдир. Бир тилни билдингизми, истайсизми, йўқми, ўша давлатнинг урф-одати, ижтимоий ҳаётини ўрганасиз, дунёқарашингиз кенгаяди. Биз буни уддалай оламиз, тил ўрганишга ҳар биримизнинг иштиёқимиз кучли бӯлиши керак. Лекин, жойлардаги аҳвол мақсад қилинган катта режаларга мос эмас. Чунки, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолган ва 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз.

Шу мақсадда видеоселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши маълум қилинди.

Энг асосийси, Давлатимиз раҳбари чет тиллари бўйича энг яхши мактабларни аниқлаш учун Президент совринини таъсис этиш таклифини билдирди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, жамиятда, кундалик ҳаётда ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда таълим соҳаси янгиланиши табиий. Чет тилларни ӯрганишни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак. Асосийси, бу ӯзимизнинг салоҳиятимиз ва касбий маҳоратимизга боғлиқ.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.