Келажак эгаларини қўллаб-қувватлаш ва уларга муносиб шароитлар яратишнинг янги босқичи

Мамлакатимизда келажак эгалари бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Ёшларнинг ўз қобилияти ва иқтидорларини намоён этиши учун уларга эътибор ҳамда ғамхўрликларни янада кучайтириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони айни ишларнинг амалий давоми бўлди.

Маълумки, юртимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби тизимда янги ва самарали механизм яратилиб, аниқ ҳамда манзилли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Биз сўз юритаётган мазкур Фармонда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида қаралиб, шу йилнинг август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши белгиланди.

Шу ўринда 2020 йилда пандемия даврида мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги 9 та олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида ўқийдиган «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг фарзандларидан 253 нафарига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир йиллик тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилганлиги ёшлар келажаги учун ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлган эди.

Бундай эзгу ишлар «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» дея номланган 2021 йилда ҳам давом этиб, Президентимизнинг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида 2021-2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлов-шартнома тўловининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида қобилиятли ёшларни аниқлаш, ёшларнинг билим ва иқтидорини муносиб рағбатлантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида республика олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб Талабалар кенгаши ташкил этилган эди. 2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур кенгаш кейинги йилларда «Тенгдошга-тенгдош» тамойили асосида ёшлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш, кам таъминланган, етим, боқувчисидан айрилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ёрдам бериш борасида ҳам талаба-ёшларнинг ҳақиқий суянчиғига айланди.

Айниқса, бундай ёшларга институт томонидан базавий стипендия миқдорининг 10 фоизидан 50 фоизигача бўлган миқдорларда қўшимча устамалар берилиб келинаётганлиги келажак эгалари ҳаётида катта қадамлардан бири бўлди.

Шунингдек, Фармонда шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб республикамиздаги олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шарти билан таълим кредитлари ажратилиши белгиланганлиги, айниқса, ота-оналар учун катта қулайликлар яратади. Чунки, талаба ўқиш давомида тўлов-шартнома пулини тўлаш ҳамда ўқишини битиргандан кейин ўз мутахассислиги бўйича ишлаш орқали мазкур тўловларни тўлаши ёшларнинг ўз келажагини ўзи таъминлаши ва мустаҳкамлашини англатади.

Сўнгги беш йилда юртимизда илм-фанни янада ривожлантириш, айниқса, ёш олимлар, изланувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш борасида тарихий ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди. Биргина олий таълим соҳасида қабул параметрларининг 9 фоиздан 25 фоизга етказилганлиги соҳада ёш олимларни етиштириш ҳамда илм-фанга йўналтириш имконини оширди. Нукус давлат педагогика институтида сўнгги 3 йилда илмий даража кўрсаткичи ошиб, 2018 йилда 29,4 фоиз, 2019 йилда 33 фоиз, 2020 йилдан шу кунгача эса 33,4 фоизни ташкил этди.

Фармонда бу борадаги келгусида амалга оширилиши белгиланган ишлар тўғрисида сўз юритилиб, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат ҳамда магистратурасини тамомлаган ёки уларда PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига шу йилнинг 1 октябрь санасидан бошлаб қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилиши кўрсатиб ўтилган.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида мазкур йўналишда самарали ишлар амалга оширилиб, шу кунгача хорижий давлатлардаги 39 олий таълим муассасаси билан академик мобильлик, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини очиш каби соҳаларда икки томонлама амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, бу борада яқиндагина институтимиз ҳамда нуфузли рейтинг ташкилотлари томонидан эътироф этилиб келинаётган Покистон Ислом Республикасининг Панжоб университети билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилганлиги ва келгусида икки олий таълим муассасаси ўртасида талабалар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларни алмашиш, 6 ойдан 1 йилгача бўлган бепул ва барча харажатлари қопланадиган ўқув сафарларини ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш каби масалалар белгилаб олинганлиги ёшларни илм-фанга йўналтиришда катта аҳамият касб этмоқда.

Умумлаштириб айтадиган бўлсак, юртбошимизнинг мазкур Фармони келажак эгалари, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бўлган ёшларимизнинг ўқиб, изланиб, билим олиб, ўз устида доимо ишлаб, салоҳиятини ошириб боришида муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилари сўзсиз.

 

Байрам Отемуратов,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори, физика-математика фанлари доктори.