AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Педагогика институтида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

Бугун, 31 июль куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг жисмоний маданият ва мусиқа таълими йўналишларига 2021-2022 ўқув йили қабули учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Имтиҳонлар эрта тонгдан санитария-эпидемиология талаблари асосида белгиланган режа бўйича бошланиб, кунига икки маҳал шу йилнинг 6 август кунигача давом этади.

Абитуриентларнинг алоҳида иқтидорлари, тайёргарлигини баҳолаш мақсадида Фарғона, Наманган, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги олий таълим муассасаларидан мутахассислар, профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.

Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси бакалавр таълим йўналишига қабул учун касбий (ижодий) имтиҳонлар эртага, 1-августдан бошланиши белгиланган.

Имтиҳонларни одилона ва шаффоф ўтказиш, ота-оналар ҳамда бошқа хоҳловчиларнинг имтиҳон жараёнини масофадан туриб онлайн тарзда интернет орқали тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилган бўлиб, ҳар бир абитуриентнинг иштироки видеоёзувга олинмоқда.

– Бу йил учинчи марта олий таълим муассасасига кириш имтиҳонида иштирок этяпман. Ўтган йилларда тайёргарлигим тўлиқ бўлмай, ўқишга кира олмадим. Бу йил яхши тайёрланиб, ўз маҳоратимни, қобилиятимни намоён қилишга ҳаракат қиламан, – дейди Нукус ДПИ мусиқа таълими йўналишига имтиҳон топшираётган чимбойлик абитуриент Адилбек Ерданов.

Маълумот учун, институтда 31 июль ва 6 август кунлари оралиғида бўлиб ўтадиган касбий (ижодий) имтиҳонларга бакалавриатнинг:

– жисмоний маданият (шу жумладан, хотин-қизлар спорти) йўналиши кундизги ва сиртқи бўлимлари барча гуруҳларида жами 1239;

– мусиқа таълими йўналиши кундизги ва сиртқи бўлимлари барча гуруҳларида жами 222;

– тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналиши кундизги ва сиртқи бўлимлари барча гуруҳларида жами 297 абитуриент иштирок этиши белгиланган.

Ислам Матеков,

Нукус ДПИ матбуот котиби.

Муаллиф олган расмлар.