Ўзбекистон спорти тарихида биринчи марта Нукус давлат педагогика институти талабаси жаҳон чемпионати совриндори бўлди

Шу йилнинг 20-23 сентябрь кунлари Словакиянинг Трнава шаҳрида спортнинг эркин кураш тури бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Қувончлиси, 62 кг вазн тоифасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети талабаси Набира Есенбаева дастлаб қозоғистонлик Ирина Кузнецовани, чорак финалда белоруссиялик Кристина Сазикинани, ярим финалда эса италиялик Аврора Кампаньани енгиб, финал босқичига йўл олди.
Финалда Набира япониялик Атена Кодама билан ўз аро беллашди. Набира финал беллашувини фаол бошлаган эди. Аммо, олган жароҳати туфайли беллашувни охиригача олиб бора олмади. Бу техник мағлубият деб баҳоланиб, юртдошимиз кумуш медалига эгалик қилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Набира Есенбаеванинг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қўлга киритган ушбу натижаси Ўзбекистон хотин-қизлар спорти тарихидаги энг яхши натижалардан бири ҳисобланади.

Ислам Матеков,
НДПИ матбуот котиби.