Бошланғич таълим кафедраси доценти талабалар турар жойида ёшлар билан учрашув ўтказди
Мактабгача ва бошланғич таълим факультети бошланғич таълим кафедраси ўқитувчиси, доцент М.Ембергенова 2018-2019 ўқув йилида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни олиб бориш режаси асосида талабалар турар жойида ёшлар билан учрашув ўтказди.
Тадбирда асосий масала талабаларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этишга қаратилди. Доцент ёшларни ўқишдан бўш пайтларда институт миқёсида ташкил этилган ҳар хил тўгаракларга қатнашишга, касб сирларини ҳамда тил ўрганишга, шунингдек, илмий раҳбарлари билан бирга илмий тадқиқот олиб боришга чақирди.
Факультетда ташкил этилган, талабаларга касб сирларини ўргатиб, ҳозирги кундаги бошланғич таълимдаги янгиликлар, ўзгаришлар билан таништириб борувчи, талабаларни илм йўлига йўналтирадиган «Ёш педагоглар», ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган қўл меҳнати сирларини ўргатувчи «Чевар қўллар» ва назм, наср йўналишларида қалам тебратадиган қобилиятли талабалар учун «Ёш қаламкашлар» тўгараклари ишлари билан таништириб ўтди.
Шунингдек, чет тилларини ўрганиш замон талаби эканлигини таъкидлаб, тил ўрганиш курслари тўғрисида кенг тушунча берди.
Учрашув савол-жавоблар билан давом этмоқда.
Несибели Атамуратова,
Мактабгача ва бошланғич таълим факультети 3-курс талабаси.