Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига бир кунлик иш ҳақларини ўтказиб беришмоқда
Республикамизда COVID-19 инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат барча юртдошларимизни янада огоҳликка, жипслашишга ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишга ҳамда синовли дамларда бир-биримизга елкадош ва меҳр-мурувватли бўлишга чорламоқда.
Шу муносабат билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси аъзолари юртимизда кечаётган синовли кунларда хайрли ташаббус билан чиқишди ва Ватандошларимиз бошига оғир синов тушиб турган бир паллада янада жипслашишга, ушбу офатни бир ёқадан бош чиқарган ҳолда енгишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ихтиёрий равишда Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондини моддий қўллаб-қувватлашга чорлади.
Институт ректори раҳбарлигида барча проректорлар, бўлим бошлиқлари ва 400 нафардан ортиқ педагог-ходимлар ўз ташаббуслари билан ихтиёрий равишда ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб бермоқдалар.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси республикамизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда, шунингдек, хайрли ишларда фаол иштирок этиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади. Зеро, «Куч – бирликда!» деб бежиз айтилмаган.
Ажиниёз номидаги Нукус ДПИ матбуот хизмати.