AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

4 фоизлик қўшимча қабул асосида талаба бўлган Гулмирага институт ректорининг табрикномаси ва совғалари топширилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида истиқомат қилувчи Гулмира Сайназарованинг асосий мақсадларидан бири талаба бўлиш эди. Кичкиналигидан мактабда ҳамма фанлардан, айниқса, математика ва информатика фанларидан аъло баҳоларга ўқиб келган ҳамда устозлари каби педагог бўлиш орзусидаги қаҳрамонимиз 2020-2021 ўқув йили учун Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ҳужжат топширди.

 

– Президентимизнинг Фармонлари асосида хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Мен ҳам 4 фоизлик қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида институтнинг математика ва информатика бакалавр таълим йўналишига грант асосида талаба бўлдим. Бугун институт ректори номидан табрикнома ва бадиий китоблардан иборат совғани уйимизга олиб келиб беришди. Жудаям хурсандман. Давлатимизнинг эътибори натижасида орзуларимдан энг каттаси амалга ошди, – дейди Гулмира қувончини яшира олмай.

 

Давлат комиссиясининг 1-сон баёни асосида 2020-2021 ўқув йили учун хотин-қизларга ажратилган 4 фоизлик қўшимча давлат гранти асосида қабул кўрсаткичларига кўра Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасалари учун 51 ўрин ажратилган бўлиб, шундан бу йилги ўқув йилида Нукус давлат педагогика институтида 10 нафар хотин-қизлар мазкур имконият натижасида давлат гранти асосида талабалик бахтига эришди.

 

Нукус ДПИ матбуот хизмати.