AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Қорақалпоғистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бугун, 24 май куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

 

Беруний тумани ҳокимлиги мажлислар залида тумандаги мактабларнинг битирувчи ўқувчилари ва педагог-ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда сўнгги йилларда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарадорлиги тўғрисида сўз юритилди.

Вазир А.Тошқулов 2016 йилда Ўзбекистонда ёшларни олий таълимга қамров кўрсаткичлари 9% ни ташкил этганлиги, сўнгги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида ушбу кўрсаткич 25% га етганлиги ва 2030 йилгача 50% га етказиш бўйича амалга ошириладиган ишларга тўхталди. Айниқса, бу йўналишда мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сони ва улардаги таълим сифатини оширишга алоҳида аҳамият қаратилиб, сўнгги йилларда уларнинг сони 77 дан 137 га, шу жумладан, хорижий давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари филиалларининг сони 25 га етканлигини таъкидлади.

 

Учрашувда битирувчи ўқувчилар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги янгиликлар, миллий сертификатларнинг жорий этилишининг аҳамияти, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш масалалари тўғрисидаги саволларига вазир ва олий таълим муассасалари раҳбарларидан жавоблар олди. Шунингдек, педагог-ходимлар ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг олий маълумотли бўлишидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Ўтказилган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов иштирок этди.

 

Ислам Матеков,

Нукус ДПИ матбуот котиби.

Муаллиф олган расмлар.