AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Коррупциясиз таълим – ёрқин келажагимиз кафолати

Ҳозирги кунда мамлакатимизда олий таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айтиш жоиз, 2016 йилда Ўзбекистонда ёшларни олий таълимга қамров кўрсаткичлари 9% ни ташкил этган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич 25% га етиб, 2030 йилгача 50% га етказиш режалаштирилмоқда. Айниқса, ушбу йўналишда мамлакатимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сонини ҳамда уларда таълим сифатини оширишга алоҳида аҳамият қаратилиб, сўнгги йилларда уларнинг сони 77 дан 137 тага, шу жумладан, хорижий давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари филиалларининг сони 25 тага етканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Соҳада амалга оширилаётган мана шундай самарали ишлар қаторида тизимда коррупцияга қарши кураш йўналишида қилинаётган ишларни алоҳида қайд этиш керак.

Бугун, 4 июнь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ўтказилган мулоқот кечаси соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш масаласига бағишланди.

Тадбирни институтнинг ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Қ.Қодиров бошқариб борди.

Мулоқот кечасида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ходими Х.Қўшимматов, ҚР Ички ишлар вазирлиги Жиноят-қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими махсус ишлар бўйича вакили М.Сержанов, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги Нукус ўрта махсус ислом билим юрти мударриси А.Садиқов, институтнинг миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси катта ўқитувчиси З.Танирбергенова, шунингдек, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳалар тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2017 йил 3 январьда қабул қилинган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва ундан келиб чиқиб соҳаларда, айниқса, таълим тизимида мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгуси вазифаларга тўхтаб ўтди.

Коррупцияга қарши кураш мамлакатимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган бўлиб, бунда энг аҳамиятли тадбирлардан бири – халқнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва билимларини ошириш эканлиги таъкидлаб ўтилган эди.

Амалга оширилаётган мана шундай ишларга қарамай, соҳаларда коррупция ҳолатлари аниқланиб, уларга қонуний чоралар кўрилмоқда. 2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида коррупция билан боғлиқ 77 жавобгар шахсга 59 жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан иккитаси олий таълим тизимига, шу йилнинг ўткан даврида 119 жавобгар шахсга 75 жиноят иши қўзғатилиб, шундан биттаси олий таълим тизими билан боғлиқ ҳолатлар эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, олий таълимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун маълумотларни олиш электрон, ҳужжат топшириш онлайн форматларга ўтказилаётганлиги, ҳозирги вақтда имтиҳонларни онлайн тарзда Интернет тармоқлари орқали очиқ-ойдин ўтказиш йўлга қўйилганлиги, шунингдек, энг аҳамиятлиси, ҳар бир олийт аълим муассасасида коррупцияга қарши кураш бўйича комплеанс-назорат бўлими ташкил этилиб, мазкур йўналишдаги аниқ вазифалар белгиланганлиги сўз этилди.

Тадбирда таъмагирлик, пора олиш ва пора бериш, маълум бир совға эвазига одамларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қарши ҳаракат қилишнинг муқаддас ислом дини нуқтаи-назаридан гуноҳ эканлиги тўғрисида аниқ мисоллар билан таъкидлаб ўтилди.

Мулоқот кечаси профессор-ўқитувчилар, талабалар ва мутахассисларнинг савол-жавоблари билан давом этди.

Ислам Матеков,

Нукус ДПИ матбуот котиби.

Муаллиф олган расмлар.