Нукус давлат педагогика институти АҚШ таълим дастурларида иштирокини фаоллаштиради
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти АҚШ Ҳукумати томонидан эълон қилинаётган таълим дастурларида иштирок этишини янада ривожлантиради. Жорий йил 29 октябр куни институтга ташриф буюрган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан шу масалада музокара олиб борилди.
Сафардан асосий мақсад АҚШ таълим дастурлари доирасида ҳамкорликни ривожлантириш ва икки томон фуқароларининг маданий-академик алоқасини мустаҳкамлашдир.
Инглиз тилини ўрганиш олий таълим тизимидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Институтга ташриф буюрган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси жамоатчилик билан алоқалар офиси бошлиғи Жон Браун ва инглиз тили дастури координатори Феруз Акобиров АҚШ ҳукумати томонидан эълон қилинаётган таълим дастурлари, жумладан инглиз тилини ўрганиш бўйича дастурлар тўғрисида ҳам кенгроқ маълумот берди.
Жорий ўқув йилида ноябр ойидан институтда АҚШ Ҳукуматининг Фулбрайт таълим дастури доирасида америкалик инглиз тили ёрдамчи ўқитувчиси иш бошлайди.
Фулбрайт таълим дастурининг English Teaching Assistant (Инглиз тилини ўқитувчи ёрдамчи) деб номланувчи ушбу дастурига кўра хорижий ўқитувчилар маҳаллий инглиз тили ўқитувчиларига ёрдамчи сифатида 10 ой давомида талабаларга дарс беради ва улар АҚШдаги маданий элчилар сифатида хизмат кўрсатади.
Учрашувда келгуси ўқув йилларида институтда English Language Fellows, English Language Specialists дастурларини жорий қилиш бўйича ҳам келишилди.
English Language Fellows (Инглиз тили илмий ходими) дастурига кўра институтга АҚШнинг инглиз тили ўқитувчилари 10 ойлик стажировкага юборилади. Дастур ўзаро тушунишни қўллаб-қувватлайди, инглиз тилини ўрганишга ёрдам беради ва инглиз тилини ўқитиш қобилиятини оширади. Инглиз тили илмий ходими ўзларининг профессионал тажрибалари билан ўртоқлашадилар, ўзларининг маҳоратини ҳам оширади, халқаро тажрибага эга бўладилар ва бошқа маданиятлар билан танишадилар. Улар талабалар ва инглиз тили ўқитувчиларида мулоҳазали ва масъулиятли амалиётни ривожлантиришга ёрдам берадиган замонавий TEFL дарсларини намойиш этади.
English Language Specialists (Инглиз тили мутахассислари) дастурига кўра АҚШлик мутахассислар инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш / инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш ва амалий тилшунослик фанлари бўйича қисқа муддатли ишларга жалб қилинади. Мутахассислар сифатли инглиз тилидаги дастурларни тақдим этишади ва АҚШ ва бошқа давлатлар ўртасида ўзаро тушунишни ривожлантиришади. Мутахассис топшириқлари ўқитувчини тайёрлаш, ўқув режаси ва дарсликларни ишлаб чиқиш ёки дастурни баҳолашни ўз ичига олиши мумкин.
Учрашувда, шунингдек, институтнинг раҳбар, педагог ва илмий ходимларини АҚШ олий ўқув юртларига қисқа ва узоқ муддатли стажировкаларга юбориш, малакасини ошириш каби лойиҳалар бўйича ҳам фикрлар алмашилди.
Ҳалқаро бўлим бошлиғи Е.Қаноатов